31 May 2022 629

“Ўзгазлойиҳа”МЧЖнинг 63,4 фоиз давлат улуши сотилганлиги тўғрисида ахборот

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзгазлойиҳа” МЧЖ (кейинги ўринларда – Жамият) устав капиталидаги 63,4 фоиз давлат улушини 21,5 млрд. сўмга сотиш тўғрисида “Prime Tower Group” МЧЖ билан келишувга эришганлигини эълон қилади (кейинги ўринларда – “Битим”).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6167-сон Фармонига мувофиқ, мазкур соҳадаги корхоналарни хусусийлаштиришдаги жаҳон тажрибаси ҳамда Актив фаолиятининг комплекс таҳлиллари (due-diligence), шунингдек, хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи тавсияларига асосан 63,4 фоиз давлат улуши яхлит тарзда рақобат тамойиллари асосида оммавий танлов йўли билан сотилди.

Бунда “UzAssets investitsiya kompaniyasi” АЖ (UzAssets) томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш  асосида Grant Thornton халқаро компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган ва “Dentons” халқаро юридик компанияси ҳуқуқий кўмаклашган. Мазкур хусусийлаштириш доирасида консультантларнинг фаолиятлари UzAssets томонидан мувофиқлаштирилган

UzAssets ва Агентлик расмий сайтларидаги 2021 йил 29 декабрь куни сотиш жараёнлари бошланганлиги тўғрисидаги эълонга мувофиқ, Консультант томонидан барча талабгорларнинг сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган.

Шунингдек, Консультант томонидан лойиҳалаш, қурилиш ҳамда газ ва нефт маҳсулотларини ташиш хизматларини кўрсатувчи 28 та маҳаллий ва хорижий компанияларга Жамият фаолияти тўғрисидаги инвестиция тизерлари юборилган.

Мазкур активни сотиб олиш бўйича Консультант томонидан бир қатор маҳаллий талабгорларнинг қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган ва рақобат муҳити таъминланган.

Қизиқиш билдирган талабгорларга Активнинг фаолияти билан яқиндан танишишлари учун консультант томонидан тайёрланган солиқ, молия, ҳуқуқий ва экологик таҳлиллар (due-diligence) мавжуд бўлган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ҳамда Жамият бошқаруви, шунингдек, Консультантга саволлар бериш, Жамиятга ташриф буюрган ҳолда ўрганиш имконияти яратилган.

Юқоридагиларни ҳамда таклиф этилган нарх бошқа талабгорлар томонидан таклиф этилган нарх қийматидан ҳамда Консультант ва мустақил баҳолаш ташкилотининг баҳолаган нарх қийматидан юқори эканлигини инобатга олиб, “Prime Tower Group” МЧЖ оммавий танлов ғолиби деб топилди, шунга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва мазкур талабгор ўртасида Битим бўйича юридик мажбурий ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech