23 Dekabr 2021

“Қизилқумцемент” АЖ устав капиталидаги 86,9 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёни тўғрисида маълумот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6096-сон Фармони доирасида “Қизилқумцемент” АЖ устав капиталидаги 86,9 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштиришга тайёрлаш ва тўлиқ хусусий секторга сотиш кўзда тутилган.

Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets” инвестиция компанияси ва “Қизилқумцемент” АЖ томонидан Корхона жорий ҳолатининг комплекс таҳлилини (due diligence) ўтказиш мақсадида “Deloitte” халқаро консалтинг компанияси (Маслаҳатчи) жалб этилган.

Таҳлил натижаларига кўра, Маслаҳатчи томонидан Корхонанинг жорий ҳолати тўғрисида батафсил ҳисобот, шунингдек, Корхонани хусусийлаштиришда эътиборга олиниши керак бўлган асосий омиллар бўйича бир қатор тавсиялар тайёрланган.

Хусусан, Маслаҳатчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг цемент бозорида катта ҳажмдаги янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши билан боғлиқ рақобатнинг сезиларли даражада кескинлашуви, шунингдек, Корхона минтақанинг ижтимоий соҳаси учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.

Бундан ташқари, “UzAssets” инвестиция компанияси ва “Қизилқумцемент” АЖ томонидан корхонани баҳолаш учун Grant Thornton мустақил халқаро баҳолаш компанияси жалб қилинди ва Корхонанинг, шу жумладан, давлатга тегишли бўлган акция пакетининг бозор қийматини баҳолаш бўйича ҳисобот тайёрланди.

Айни пайтда UzAssets томонидан, Маслаҳатчи кўмагида Корхонанинг устав капиталидаги улушни сотиб олиш бўйича келиб тушган таклифлар Корхона фаолияти таҳлили жараёнида белгилаб олинган асосий мезонларга ва тармоқни стратегик ривожлантириш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш якунланмоқда. Ушбу жараённинг кейинги босқичлари тўғрисида маълумотлар яқин муддатларда расмий веб-сайт ва ОАВларида қўшимча равишда жойлаштирилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech